“Ko’chmas mulk savdo xizmati”: тадбиркорга ёрдам, бандликка кўмак воситачиси

Мамлакатимизда изчил кечаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида кўчмас мулк бозорини шакллантириш ва ривожлантиришнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёс. Зеро, Кўчмас мулк бозори республикамиз иқтисодиётининг асосий бўғинларидан бири бўлиб, муайян бино-иншоот, турлича ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини бошлашда бирламчи ва энг муҳим омил саналади.
Айниқса, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан кўчмас мулк бозори фаолияти янгича, замонавий тарзда йўлга қўйилди, яъни риэлторлик соҳасига асос солинди. Айни қонун асосида мазкур бозорда ҳозирда кўплаб хўжалик субъектлари самарали фаолият юритиб келмоқда.
Улардан бири “Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖдавлат ҳамда нодавлат мулкларнинг аукцион, танлов ва бошқа савдоларини фаол уюштираётган ташкилотлардан саналади. Фикримизни мазкур ташкилотнинг ўтган йилги фаолият натижалари орқали давом эттириш мумкин. Чунончи, ҳисобот даврида ушбу жамият ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғида воситачилик қилиш, кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш, кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш, кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
“Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖнинг Матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, юклатилган вазифаларни амалга ошириш жараёни тўғри ташкил этилгани боис, ташкилотнинг, айниқса, ҳудудий филиаллари томонидан ўтказилган савдоларда ғолиб бўлган тадбиркорлар ҳозирги кунда янги ишлаб чиқариш тармоқларини очиб, қўшимча иш ўринлари яратган ҳолда, аҳоли бандлигини таъминлашда фаол иштирок этмоқда.
2012 йил якунларининг умумий натижаларига кўра, жами 127 379,62 млн. сўмлик 7144 та объектнинг савдоси ташкил этилди. Шундан 6721,75 млн. сўмлик 3820 та мулк давлат активлари бўлса, 120 657, 87 млн. сўмлик 3 324 та мулк нодавлат объектлари ҳисобланади.
Давлат объектларидан 2428 таси бўйича ўтказилган савдо (1 592,52 млн. сўмлик) Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 13 январда 2314-сон билан рўйхатга олинган “Якка тартибдаги уй-жой қуриш (деҳқон хўжалигини юритиш) учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича очиқ аукцион савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби” тўғрисидаги Низомга асосан ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкалари беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 1 378 та ер майдонларига бўлган ҳуқуқларнинг 930,14 млн. сўмлик танлов савдолари ташкил этилган. “2012-2013 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 9 та кўчмас мулкнинг 3 001,03 млн. сўмлик, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 январдаги “Давлат активларини сотиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан эса 5 та кўчмас мулкнинг 1 198,06 млн. сўмлик савдоси ўтказилган. Энг муҳими, барча турдаги савдоларда тўла ошкоралик ҳамда тенг имкониятлар таъминланган.
Жумладан, “Ko'chmas mulk savdo xizmati” МЧЖнинг Андижон вилояти филиали томонидан ўтган йил декабрь ойида ўтказилган аукцион савдоcида тадбиркор Умаржон Артиқов Балиқчи туманидаги 218,29 кв.м.дан иборат бўлган мулкни сотиб олиб, айни пайтда таъмирлаш ишларини бошлаб юборган.
Тизимда мамлакатимиз Президентининг 2006 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Суд департаменти томонидан хатланган кўчмас мол-мулклар савдосини ўтказиш жараёнига алоҳида эътибор берилмоқда. Масалан, “Ko'chmas mulk savdo xizmati” МЧЖнинг Наманган вилоят филиали томонидан 2012 йилда ўтказилган аукцион савдосида якка тартибдаги тадбиркор Абдулатиф Шамсидинов Наманган туман Суд ижрочилари бўлими томонидан хатланган Шўрқишлоқ қишлоқ фуқаролик йиғинида жойлашган, “O’zbegim Tekstil Trading” МЧЖга тегишли, умумий майдони 9848,9 кв.м., фойдали майдони 7487,64 кв.м. бўлган маъмурий ва бошқа бино-иншоотларни сотиб олган эди. Ҳозирда объектда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Тадбиркор бу ерда паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиб, аҳолига тухум ва парҳез гўшт маҳсулотларини етказиб беришни режалаштирган.
Ўтган йилда “Ko'chmas mulk savdo xizmatiМЧЖнинг Самарқанд вилояти филиалида мазкур қарор ижроси юзасидан Суд департаменти вилоят ҳудудий бошқармаси ва шаҳар, туман бўлимлари томонидан аукцион савдоларига қўйилган кўчмас мулк объектларидан 9 таси бўйича битимлар имзоланган. Жумладан, Суд ижрочилари Самарқанд шаҳар бўлими томонидан савдога қўйилган Каттақўрғон шаҳар “Туркистон” кўчаси 41-уйда жойлашган Ғишт заводи биноси 2012 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган аукцион савдосида “Bentonit jaxon” хусусий корхонаси томонидан сотиб олинди. Мазкур хусусий корхона ҳозирда ушбу объектни тўлиқ таъмирлаган ҳолда замонавий асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозлаб, ғишт ишлаб чиқариш билан биргаликда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўмир брикетларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Натижада ушбу корхонада янги иш ўринлари яратилди ҳамда аҳолининг қурилиш материаллари, савдо ва маиший хизматларга бўлган эҳтиёжи қондириб келинмоқда.
“Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖнинг Бухоро вилоят филиалида ўтган йилда аукцион савдосида “Roof and steel development” МЧЖ томонидан Бухоро шаҳар Суд ижрочилари бўлими томонидан хатланган, шаҳардаги “Намозгоҳ” кўчасида жойлашган, умумий майдони 2700,0 кв.м. бўлган 3 қаватли маъмурий ва бошқа бино-иншоотлар сотиб олинган. Ҳозирда объектда реконструкция ишлари амалга оширилиб, келгусида ғишт, черепица ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Эътиборлиси бу ерда 30 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши мўлжалланган.
“Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖва унинг худудий филиаллари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкалари беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги қарори ижросини таъминлаш борасида ҳам кенг миқёсдаги тадбирлар амалга оширилмоқда.
Чунончи, Қашқадарё вилояти филиали томонидан 2012 йил 27 декабрда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан ташкиллаштирилган савдода Қарши туман Ертепа қишлоқ фуқаролар йиғини, “Ғубиддин” қишлоғида жойлашган “Насаф мева сабзавот” МЧЖ агро фирмасига қарашли маъмурий бинонинг бир қисмини сотиб олган “Насаф комфорт мебеллари” ХК ҳозирда мебель ва гилам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 10 кишини янги иш ўрни билан таъминлади.
Навоий вилояти филиали томонидан эса ўтган йил апрель ойида ўтказилган савдода ғолиб бўлган тадбиркор Юсуф Муродов Конимех туманидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчасини ишга тушириб, 15 та янги иш ўрнини очди.
Тошкент вилояти филиали томонидан ўтказилган тўғридан-тўғри савдоларда “Хуршид асл савдо” МЧЖ “Кимё савдо уйи” МЧЖга тегишли савдо дўконларини сотиб олиб, у ерда халқ эҳтиёжини қондириш йўлида хизмат кўрсатиш билан шуғулланмоқда.
Сурхондарё вилоят филиалида 2012 йил 14 февралда бўлиб ўтган танлов савдоси натижасига кўра ғолиб, деб топилган "Жарқўргон савдо маркази" МЧЖ Жарқўргон туман маркази, “Ўзбекистон” кўчасида жойлашган сатҳи 3140,0 кв.м. иборат бўлган Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини қуриш учун ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган. Мажмуани қуриш ишлари якунига етказилгач, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилди ва 100 та янги иш ўринлари очилди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖва унинг худудий филиалларида фаолият юритаётган риэлторларни кўчмас мулк билан боғлиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар ва уларга киритилаётган ўзгартишлар билан доимий равишда таништириб боришга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, уларнинг ҳуқуқ, молия, иқтисод, архитектура билан боғлиқ муайян билимлари ошириб борилмоқда. Чунки бугунги кун улардан кўчмас мулк бозорида етук мутахассис, маркетинг тадқиқотларини мунтазам ўтказиб борувчи сифатида фаолият юритишни талаб этмоқда. Бу эса, нафақат мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга, балки тузилиши кўзда тутилган кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг ишончлилигини таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган низоли ҳолатлар ва кўчмас мулк соҳасидаги фирибгарликлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда қонун доирасида иш юритиш ҳамда ҳар томонлама қулай жойлашувга эга бўлган ва оқилона танланган кўчмас мулкка эга бўлишида тадбиркорларга кўрсатиладиган ёрдам риэлторлик ва ишбилармонлик фаолиятини ривожлантириш омили бўлмоқда. Натижада рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш кўлами ҳамда кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар ва фермер хўжаликларининг сафи кенгайиб бормоқда.
Ушбу мақсадларга эришишда ўз ҳиссасини кўшиб келаётган “Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖва унинг худудий филиаллари томонида барча турдаги савдоларда оммавийлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, бунинг учун барча қизиқиш билдирган талабгорлар, харидорлар, тадбиркор ва сармоядорларга ташкиллаштириладиган савдоларнинг моҳиятини, унда қатнашиш тартиби ва савдога қўйилган мулклар билан таништириш, етарли даражада ахборот билан таъминлаш ишларига асосий эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда савдога қўйилаётган ҳар бир мулк юзасидан тегишли ахборот ва реклама, эълонлар мулк эгаларининг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда вилоят ва республика миқёсида нашр этиладиган газеталарда чоп этилиб, телевидениеда кўрсатилиб, ташкилотнинг www.1kms.uz сайтида эса мунтазам жойлаштириб борилмоқда.

Замира ТОЖИЕВА
“Биржа”№14(1577)

27.04.2018 Онлайн электрон аукцион савдоларига мархамат!

1auksion.uz дастури орқали ўзингизни қизиқтирган мулкларни танланг ва савдосида иштирок этинг.               2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта ...

барча янгиликлар

Кўлланма

Закалат келишуви

Ариза

Намуна Жисмоний шахслар учун
Онлайн Ариза бериш


Янгиликлар: 2

Эълонлар: 60

Мақолалар: 12

Онлайн: 8