Кўчмас мулкка бўлган мулкий ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар

Кўчмас мулклар қадимдан фуқаролик ҳуқуқларининг энг муҳим ва қимматли объектларидан бири бўлиб келган. Барча замонларда кўчмас мулкка, ҳеч бўлмаганда хусусий уй-жойга эгалик қилиш ҳар бир инсоннинг ўз шахсий ҳаётини таъминлашдаги энг устувор вазифалардан бири ҳисобланган. Шундай экан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар инсониятнинг ривожланинш тарихи давомида у билан баравар ривожланиб, такомиллашиб келмоқда.
Кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларнинг асосини мулк ҳуқуқи ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига мувофиқ мулк ҳуқуқи деганда, шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқи тушунилади.
Объектив жиҳатидан мулк ҳуқуқи мулкдор томонидан ўз мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва мулкини тасарруф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар тизимини ташкил этади.
Субъектив жиҳатидан мулк ҳуқуқи ҳар қандай субъектив ҳуқуқ қаби шахснинг қонун билан берилган ваколатлар доирасида муайян ҳаракатларни амалга ошириш имконияти ҳисобланади. Ушбу нуқтаи назардан мулк ҳуқуқи мулкдорга ўзига тегишли бўлган мулкнинг хусусияти ва фойдаланиш имкониятларидан келиб чиқиб, унга нисбатан мутлоқ бошқарувни амалга ошириш имкониятини беради.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, мулкдор томонидан ўз қонуний ваколатларининг бир қисмини бошқа шахсга вақтинчалик ёки доимий муддатга бериши ушбу мулкдорнинг ўз мулкига нисбатан мулк ҳуқуқи йўқ бўлиши ёхуд чекланишига олиб келмайди. Фақатгина мол-мулк бегоналаштирилганда, яъни бошқа шахснинг тасарруфига ўтганида, унга нисбатан бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахса ўтади. Демак, миллий қонунчилигимизга мувофиқ битта мулк объектига нисбатан бир неча мулкдорлар бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига асосан умумий мулк ҳуқуқи эътироф бўлган бўлсада, лекин бир неча шахсга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкка нисбатан унда иштирок этаётган шахслар фақатгина ўз улушларига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда ҳар бир шахснинг улуши алоҳида мулк ҳуқуқи объекти сифатида қаралади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ мулк ҳуқуқи мулкдорнинг қадимдан шаклланиб келган анъанавий қонуний ҳуқуқлари учлиги, яъни мулкга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишдан иборатлигини белгилаш билан бир қаторда қонун ҳужжатлари мулкий ҳуқуқларни амалга оширишда мулкдор ўз ихтиёрига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилишини эътироф этади.
Мулк ҳуқуқининг мазмунини тўлиқ очиб бериш учун унинг асосий таркибий қисмлари – эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш тушунчалари билан батафсил танишиб чиқиш лозим.
Эгалик қилиш ҳуқуқи деганда, шахснинг мулк ҳуқуқи объектини юридик жиҳатдан ўз эгалиги остида сақлаши, унга амалда ва хўжалик нуқтаи назаридан эгалик қилиши тушунилади. Эгалик қилиш мулк ҳуқуқининг зарурий таркибий қисми сифатида фойдаланиш ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқ. Чунки мулк ҳуқуқи объектидан мустақил фойдаланиш учун бир вақтнинг ўзида унга эгалик қилиш зарур. Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини мулкдор билан бир қаторда шартнома асосида ёки ўзга ҳуқуқий асосларда бошқа шахслар ҳам яекланган доирада амалга оширишлари мумкин. Жумладан, ижарачининг ижарага олинган мулкка ижара шартномаси доирасида эгалик қилиши, гаров шартномаси бўйича кредиторнинг гаров нарсасига эгалик қилиши, оператив бошқарув ҳуқуқи асосида мол-мулкка эгалик қилиш кабилар бунга мисол бўлади. Мазкур ҳолатда эгалик қилиш мулк ҳуқуқининг эмас, балки бошқа субъектив фуқаролик ҳуқуқларнинг таркибий қисми бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан эгалик қилиш мустақил ашёвий ҳуқуқ ҳисобланмайди.
Фойдаланиш ҳуқуқи – мулк ҳуқуқи объектининг фойдали, хўжалик хусусиятларини юридик жиҳатидан истеъмол қилиш имконияти, яъни мулкдорнинг ўзига тегишли мол-мулкни ўз манфаати йўлида ишлатиши ҳисобланади. Фойдаланиш ҳуқуқи мол-мулкдан фойдаланиш натижасида юзага келадиган ҳосил ва даромадларни ўзлаштириш ҳуқуқини ҳам ўзига қамраб олади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 92-моддасига мувофиқ, ашёдан келадиган ҳосил ва даромадлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ашё эгасига тегишли бўлади. Фойдаланиш ҳуқуқи юқорида таъкидлаганимиздек, эгалик қилиш ҳуқуқига асосланади. Шунинг учун ашёнинг фойдали хусусиятларини нафақат мулкдорлар, балки мулкдор бўлмаган бошқа субъектив ҳуқуқ эгалари ҳам олишлари мумкин. Лекин, бу ҳолат ким мулкка эгалик қилса, у ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини билдирмайди. Масалан, гаров шартномасига асосан кредитор агар шартнома ёки қонунда назарда тутилган бўлмаса, гаров нарсасига эгалик қилиш билан бирга ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Тасарруф этиш ҳуқуқи деганда, мулкдорнинг ўз мулкига нисбатан тегишли ҳаракатларни амалга ошириш орқали унинг тақдирини ҳал этиш имконияти тушунилади. Эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқларидан фарқли равишда тасарруф этиш ҳуқуқи мутлоқ ҳуқуқ бўлиб, фақат мулк ҳуқуқи эгасига тегишли бўлади. Объектини тасарруф этиш ҳуқуқини мулкдорнинг иштирокисиз ёки унинг тегишли розилигисиз амалга ошириш мумкин эмас. Мол-мулкларнинг тақдирини ҳал этиш уларни сотиш, айирбошлаш ёки ўзга шахслар эгалигига ўтказишнинг бошқа шакллари ёхуд уни йўқ қилиш орқали амалга оширилади.
Қонун ҳужжатларида тасарруф этиш ҳуқуқини амалга ошириш бўйича маълум чеклашлар ва таъқиқлар ўрнатилиши мумкин. Масалан, суд қарорига асосан мулк хатланганда ёки гаров шартномасига кўра гаровга қўйилганда мулкдор тасарруф этиш ҳуқуқини вақтинчалик ёки умуман амалга ошириши ёхуд тегишли ваколатли шахснинг розилигисиз амалга ошириши мумкин эмас.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим турдаги мол-мулклар вақтинчалик ёки умуман фуқаролик муомиласидан чиқарилган бўлса, уларни тасарруф этиш мумкин бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хучучийлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 4-моддаси 2-қисмига асосан белгиланган рўйхатдаги давлат мулки объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан мулкдор мулк ҳуқуқини ўз ихтиёри ва хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб амалга ошириши мумкин. Лекин, мулкдор мазкур жараёнда экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги лозим.
Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра мулк ҳуқуқи муддатсиздир, яъни мулкдорга тегишли мулк ҳуқуқининг амалда бўлиши бирор бир муддат билан чекланмаган. Мулкдор ўз мулк ҳуқуқини амалга оширишни исталган муддатгача давом эттириши ёки ўзи истаган вақтда бошқа шахсга ўтказиши мумкин.
Мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар нафақат мулкдорларга, балки қонун ҳужжатлари ёки шартномага асосан бошқа шахсларига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Мол-мулкка нисбатан бундай ҳуқуқлар чекланган ашёвий ҳуқуқлар деб аталади.
Чекланган ашёвий ҳуқуқлар ҳар доим мулк ҳуқуқининг ҳосиласи бўлиб, улар камроқ ҳуқуқлар ҳажми билан фарқ қиладилар. Мулкдор чекланган ашёвий ҳуқуқлар амал қилиши вақтида мол-мулкка мулк ҳуқуқини сақлаб қолади, лекин у маълум бир муддатга муайян даражада ушбу ҳуқуқни амалга оширишда ўзини чеклаб қўяди. Демак, чекланган ашёвий ҳуқуқлар мавжудлиги мулкдор ҳуқуқларининг ўзига хос чекланишидир.
Мамлакатимизда бозор муносабатларининг ривожланиб бориши, барча мулк шакллари, шу жумладан хусусий мулк ҳуқуқи тенглигининг эътироф этилиши, тадбиркорлик ривожланиши чекланган ашёвий ҳуқуқлар вужудга келиши ва ривожланишига сабаб бўлди.
Чекланган ашёвий ҳуқуқларнинг объекти бўлиб, одатда кўчмас мулк ҳисобланади. Чекланган ашёвий ҳуқуқлар объектдан фақатгина муайян мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради. Чекланган ашёвий ҳуқуқлар муайян бир мулкдан узоқ вақт давомида фойдаланиш, фойдаланилаётган объектга нисбатан мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтказилиши сабабли пайдо бўлиши мумкин салбий оқибатлардан ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадини кўзлаган шахсларнинг мулкий манфаатларига хизмат қилади.
Чекланган ашёвий ҳуқуқлар шартнома, бир тарафлама битим, суд қарори, давлат органлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳужжатлари ва ҳуқуқий ворислик асосида юзага келади. Масалан, Фуқаролик кодексининг 173-моддаси 4-қисмида сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут (ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш) белгиланишини назарда тутилган. Агар сервитут белгилашда ўзаро низо келиб чиққан тақдирда бу ҳаракат сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси билан суд қарори асосида белгиланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 165-моддасида мулк ҳуқуқига қўшимча қилиб бешта ашёвий ҳуқуқлар кўрсатиб ўтилган бўлиб, уларга хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкасига доимий эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ва сервитутлар киритилган.
Таъкидлаш керакки, ушбу моддада белгиланган ашёвий ҳуқуқларнинг рўйхати якуний тусга эга эмас. Қонун ҳужжатлари билан бошқа турдаги чекланган ашёвий ҳуқуқлар ҳам белгиланиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ўзганинг мол-мулкидан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш шулар жумласидандир.
Мулкдорлар ҳамда чекланган ашёвий ҳуқуқлар эгалари қонун ҳужжатлари асосида ўз ҳуқуқларини ҳар қандай бузишлардан ҳимоя қилиш имкониятига эгадирлар.
Кўчмас мулкларга бўлган мулкий ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг бошқа турдаги мол-мулкларга нисбатан ҳуқуқлардан фарқли жиҳатлари шундаки, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида уларни амалга оширишнинг алоҳида тартиблари белгиланган.
Жумладан, кўчмас мулкларга бўлган мулкий ва ашёвий ҳуқуқлар албатта тегишли давлат органида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 481-моддасига асосан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлиги, 490-моддага асосан корхонани сотиш шартномаси, 574-моддага асосан бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 35-моддасига мувофиқ ер участкасига бшлган сервитутлар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Кўчмас мулкларга нисбатан мулкий ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни амалга ошириш жараёнида қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилмаслик, бундай ҳуқуқларнинг чекланиши ёки бекор қилишинига олиб келиши мумкин.
Ф.Раджабов
”Respublika mulk markazi” ЁАЖ
Бошқарув Раисининг биринчи ўринбосари
"Биржа" №46 (1609) 23.04.2013

27.11.2017 “Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖ ҳудудий филиалларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарорига асосан савдолари ташкил этилган асосида ер участкаларига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқларининг танлов натижалари тўғрисида Ахборот

Тошкент шахар филиали: 2016 йил 1. Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун Бектемир тумани, Жамил Тошкандий кўчаси, 56-уй ёнида умумий майдони 0.10га бўлганер участкасидан доимий ...

барча янгиликлар

Кўлланма

Закалат келишуви

Ариза

Намуна Жисмоний шахслар учун
Онлайн Ариза бериш


Янгиликлар: 1

Эълонлар: 160

Мақолалар: 12

Онлайн: 4