Мол-мулкларни ва уларга бўлган ҳуқуқларни савдолар орқали реализация қилиш

Мамлакатимизда бозор ислоҳотлари изчил равишда чуқурлашиб, такомиллашиб борган сайин барча соҳаларда фаолиятнинг бозор механизмлари ҳам мукаммаллашиб ривожланиб бормоқда. Бу айни пайтда иқтисодиётда ишчанлик ва эркин рақобат муҳитининг ривожланишига муҳим туртки бўлмоқда. Юртимизда йиллар давомида қабул қилиб келинаётган қонунлар, Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақиятли ва самарали амалга оширилиши учун зарур ҳуқуқий замин яратаяпти.
Жумладан, турли мулкчилик шаклидаги мол-мулкларни ва уларга бўлган ҳуқуқларни савдолар орқали реализация қилиш тизими ҳам ислоҳотлар билан мос равишда йил сайин такомиллашиб, халқимизнинг бой тарихи ва замонавий дунё тажрибасидан келиб чиқиб ўзининг мукаммал кўринишига эга бўлмоқда.
Савдо тушунчасига тўхталадиган бўлсак, у кенг маънода турли адабиётларда иқтисодий нуқтаи назардан шахслар ўртасида ўзаро музокаралар ўтказишнинг бир усули сифатида кўрилади.
Юридик нуқтаи назардан савдо, бу шахслар ўртасида бирор-бир юридик ҳатти-ҳаракатни амалга ошириш шартларини олдиндан ўзаро келишиб олиш, томонларнинг қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини бир-бирига мувофиқлаштириш воситаси ҳисобланади. Масалан, ҳар қандай битим тарафлари ушбу битимни тузишдан олдин унинг шартларини ўзаро келишиб оладилар. Агар тарафлар бундай келишувга эриша олмасалар, битим ўз-ўзидан амалга ошмасдан қолади. Ҳаттоки, бир тарафлама битимларда ҳам ушбу битимга асосан муайян ҳуқуқ ёки ашёни олиши керак бўлган шахс ундан воз кечса, битим амалга ошмайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 364-моддаси биринчи қисмига асосан агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади. Шунингдек, мазкур кодекснинг 354-моддаси биринчи ва учинчи қисмларига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар ҳамда улар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномаларни ҳам тузишлари мумкин.
Мол-мулкларни ва уларга бўлган ҳуқуқларни савдолар орқали реализация қилиш тизими деганда, мулкчилик шаклидан қатъий назар мол-мулкларни ва уларга бўлган ҳуқуқларни мулкдор учун энг мақбул шартларда бошқа шахсга ўтказиш бўйича музокаралар ўтказиш ҳамда танлаб олишдан иборат ижтимоий муносабатлар тизими тушунилади.
Савдо деганда фақатгина аукцион, танлов, тендер ёки биржа савдоларини тушуниш унчалик ҳам ўринли эмас. Амалда оддийгина бир битим ёки шартномани тузиш жараёни ҳам савдо ҳисобланади. Чунки шартнома тарафлари уни тузишдан олдин ўзаро келишувга эришиш учун шартнома шартларини бир-бириникига мувофиқлаштириш юзасидан музокаралар ўтказадилар, шунга муқобил бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқадилар. Мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 364-моддаси учинчи қисмига асосан тарафлардан бирининг оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва иккинчи тараф уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан амалга оширилади.
Юқорида кўрсатилган оферта ва уни акцептлаш жараёни ҳар қандай шартномани тузиш вақтида хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма кўринишда бўлсин албатта юз беради.
Адабиётлардасавдотурлариниуларнинг белгиларига ва ўзига хос хусусиятларига қараб турлича таснифлаш ҳолатлари кузатилади. Савдо турларини таснифлашнинг энг кўп тарқалган кўриниши бу – уларни оммавий ва оммавий бўлмаган савдо турларига ажратишдир.
Ўз навбатида, оммавий савдо турлари сифатида асосан аукцион, танлов, тендер ва биржа савдолари ҳисобга олинади. Бу савдо турларининг оммавий савдо сифатида эътироф этилишида асосий омил, уларнинг ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълонлар ва хабарномаларнинг чоп этилиши ва тарқатилиши ҳисобланган.
Бизнингча, бугунги замонавий ахборот технологиялари ривожланган даврда фақат ушбу белгининг ўзи билан савдоларни оммавий ва оммавий бўлмаган савдо турларига ажратиш тўғри бўлмайди. Чунки, замонавий ахборот технологияларининг имкониятлари савдолар ҳақидаги эълонлар ва хабарномаларни тарқатишнинг барча учун қулай, арзон ва самарали усулларидан фойдаланиш юзасидан кенг шароит яратади.
Савдоларни оммавий ёки оммавий бўлмаган савдо турларига ажратиш учун уларни амалга оширишда фойдаланиладиган оферта турини инобатга олиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Фуқаролик кодексида офертанинг икки тури белгиланган булиб, улар тўғридан-тўғри оферта ва оммавий оферталардир.
Тўғридан-тўғри оферта деганда, бир фуқаролик муомиласи субъектининг иккинчи бир аниқ субъектга йўллаган шартнома тузиш ҳақидаги таклифи тушунилади. Мазкур ҳолатда оферта эгаси ҳам, офертани акцептлаши мумкин бўлган шахс ҳам олдиндан маълум бўлади.
Оммавий оферта эса Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 369-моддаси биринчи қисмига асосан номуайян шахслар доирасига йўлланади. Яъни, оммавий оферта тўғридан-тўғри офертадан фарқли равишда аниқ бир шахсга нисбатан йўлланмайди, балки унда жавоб қайтарган (офертани акцептлаган) ҳар қандай шахс билан офертада кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузиш ҳақидаги хоҳиш ирода акс эттирилади. Оммавий ахборот воситалари, глобал интернет тармоғи орқали ёки қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа усуллар воситасида тарқатилган ва шартноманинг барча асосий шартларини ўз ичига олган, таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш иродаси билиниб турган оферта оммавий оферта ҳисобланади.
Савдолар орқали шартнома тузиш жараёнида вакилнинг, шу соҳадаги малакали мутахассиснинг ёки профессионал бозор иштирокчисининг (масалан, риэлторлик ташкилоти, риэлтор, брокер ёки дилернинг) хизматларидан фойдаланиш, савдоларнинг оммавийлик хусусияти йўқотилишига олиб келмайди.
Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонун ҳужжатларида айрим мол-мулкларнинг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг фақатгина оммавий савдоларда ёки оммавий савдоларнинг аниқ бир турида реализация қилиниши белгилаб қўйилиши мумкин. Мол-мулкларни ва уларга бўлган ҳуқуқларни савдолар орқали реализация қилишда ёки харид қилишда томонлар қонун ҳужжатларининг ушбу талабларини инобатга олишлари лозим.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 январдаги “Давлат активларини сотиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 27-сонли қарори билан давлат активларини сотиш юзасидан савдо турлари ва уларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиблари белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 августдаги ПҚ-458-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли қарорида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида мол-мулкларни сотиш бўйича савдо турлари ва уларнинг тартиблари белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги қонунида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 18 апрелдаги 188-сонли қарорида таркибий ўзгартирилаётган ҳамда банкрот корхоналар мол-мулкларини сотиш юзасидан савдо турлари ва уларнинг тартиблари кўрсатилган.
Бу каби ҳолатларга амалдаги қонун ҳужжатларида яна кўплаб мисол келтириш мумкин. Қонун ҳужжатларида бунга ўхшаш талаблар мол-мулкларни нафақат реализация қилишга нисбатан, балки айрим турдаги мол-мулкларни харид қилишга нисбатан ҳам белгиланиши мумкин.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 февралдаги ПҚ-1475-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 апрелдаги 100-сонли қарорига асосан айрим турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат харидлари Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг бошланғич нархни пасайтириш юзасидан электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 5 апрелдаги ПҚ-1948-сонли қарорига мувофиқ устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари 2013 йилнинг 1 май кунидан эътиборан айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси томонидан ташкил қилинадиган алоҳида савдо майдончасида электрон савдолар воситасида харид қилишлари белгилаб қўйилди.
Савдоларни оммавий ва оммавий бўлмаган савдо турларидан ташқари уларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиб-қоидаларига кўра ташкиллаштирилган бозордаги савдолар ва ташкиллаштирилган бозордан ташқари савдоларга ажратиш мумкин.
Ташкиллаштирилган бозордаги савдолар олдиндан белгилаб қўйилган вақт ва жойда, маълум бир тартиб қоидалар асосида амалга оширилади. Бундай савдоларни амалга ошириш тартиб-қоидалари қонун ҳужжатлари, иш муомаласи одатлари ёки маҳаллий одат ва анъаналар билан белгилаб қўйилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 6-моддаси биринчи қисмига асосан тадбиркорлик фаолиятининг бирон-бир соҳасида вужудга келган ва кенг қўлланиладиган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган хулқ-атвор қоидаси, бирон-бир ҳужжатда ёзилганлиги ёки ёзилмаганлигидан қатъи назар, иш муомаласи одати деб ҳисобланади. Иш мумаласи одатларининг яққол мисоли сифатида биржаларда амалда бўладиган биржа савдолари қоидаларини кўрсатиш мумкин. Биржа савдолари қоидалари қонун ҳужжати ҳисобланмаса ҳам биржа бозори иштирокчилари учун мажбурий кучга эга бўлиб, улар учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни юзага келтиради.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 6-иоддаси иккинчи қисмига кўра фуқаролик қонун ҳужжатларида тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, муносабатларни тартибга солишда маҳаллий одат ва анъаналар ҳам қўлланилиши мумкин. Масалан, халқимизнинг узоқ йиллар давомида шаклланган урф-одатларига кўра ўз уй-жойини ёки квартирасини сотмоқчи бўлган шахс уни биринчи навбатда қўшниларига ва ўзи яшаётган маҳалла аҳолисига таклиф қилади. Бу каби урф-одатларга амал қилмаслик ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаса ҳам қўшнилар ва маҳалла аҳолисининг норозилигига, инсонлар ўртасидаги ўзаро аҳиллик муносабатларига салбий таъсир кўрсатилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу ўринда қонунчиликда белгиланган бир ҳолатни алоҳида эътиборга олиш лозим. Фуқаролик кодексининг 6-моддаси учинчи қисмига асосан тегишли муносабат иштирокчилари учун мажбурий бўлган қонун ҳужжатлари нормаларига ёки шартномага зид бўлган иш муомаласи одатлари, маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилиши мумкин эмас.
Ташкиллаштирилган бозордан ташқари савдолар маълум бир тартиб-қоидалар асосида эмас балки шахсларнинг ўз ҳаётий тажрибаси ва кўникмаларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Бундай савдолар орқали амалга оширилган битимларда таваккалчилик хавфи анча юқори бўлади. Масалан, уй-жой ва автомототранспортлар бозоридаги кўпчилик битимлар шундай савдолар орқали амалга оширилиши бу соҳада кўплаб низолар ва баҳс-мунозаралар юзага келишига сабаб бўлади.
Мазкур ҳолатларни инобатга олиб, ўз мол-мулкини сотмоқчи бўлган ёки мол-мулк харид қилмоқчи шахслар амалдаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартиб ва қоидаларга оғишмасдан риоя қилишлари, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
 

Ф.Раджабов
”Respublika mulk markazi” ЁАЖ
Бошқарув Раисининг биринчи ўринбосари
"Биржа" №52 (1615) 07.05.2013

27.11.2017 “Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖ ҳудудий филиалларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарорига асосан савдолари ташкил этилган асосида ер участкаларига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқларининг танлов натижалари тўғрисида Ахборот

Тошкент шахар филиали: 2016 йил 1. Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун Бектемир тумани, Жамил Тошкандий кўчаси, 56-уй ёнида умумий майдони 0.10га бўлганер участкасидан доимий ...

барча янгиликлар

Кўлланма

Закалат келишуви

Ариза

Намуна Жисмоний шахслар учун
Онлайн Ариза бериш


Янгиликлар: 1

Эълонлар: 160

Мақолалар: 12

Онлайн: 4